ЎзДЖТУ делегацияси Аградаги университетга ташриф буюрди
Ноябрь 22, 2025. 14:04 • 2 дақ
• 94
ДЕҲЛИ, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) делегацияси Агра шаҳридаги Доктор Бҳимрао Амбедкар номидаги университетда амалий ташриф билан бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур ташриф мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва дунёнинг етакчи ўқув юртлари билан академик ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Делегация таркибига ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари киритилгани нафақат илмий-академик, балки талабалар алмашинувининг ҳам муҳимлигини таъкидлайди.
Учрашувлар давомида икки университет вакиллари самарали музокаралар ўтказди. Муҳокамалар марказида ҳамкорликнинг қўшма илмий конференция ва семинарлар уюштириш, талаба ва ўқитувчилар учун академик алмашинув дастурлари ташкил этиш, биргаликда таълим дастурлари ишлаб чиқиш, халқаро нашрларда илмий мақолалар чоп этиш, ЎзДЖТУ талабаларининг диплом лойиҳаларига ҳиндистонлик ҳамкасблар томонидан илмий раҳбарлик қилиш ва бошқа амалий йўналишлари бўлди.
Ҳиндистондаги учрашувлар ЎзДЖТУнинг таълим жараёнини халқаро талаблар даражасига кўтариш соҳасидаги изчил сиёсатини намоён этди. Университет ҳиндистонлик шериклар билан талаба ва ўқитувчилар учун янги имкониятлар яратиб, фаол ва самарали ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Бундай алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий-академик кўприкни мустаҳкамлашга ва мамлакатимиз олий таълим тизимининг жаҳон академик маконига интеграциялашувига хизмат қилади.
Доктор Бҳимрао Амбедкар номидаги университет (аввалги Агра университети) 1927 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг энг кекса олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. У Ҳиндистоннинг атоқли сиёсат арбоби, Ҳиндистон Конституцияси муаллифи Бҳимрао Амбедкар номи билан аталган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Берлинда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ўтказилди
Фарғона вилояти мактаб ўқитувчилари Япония таълим тажрибасини ўрганди
Буюк Британиянинг етакчи олий таълим ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади
Ўзбекистонлик бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Малайзияда малака оширди